About Books Fotoalbum Feed back Aduo files
ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

ЎНИҚ ҚАЛБ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

Эгам Раҳим раҳматлик камгап, камтар одам эди. Кўринишдан кимдандир, нимадандир хафага ўхшар, хаёл­чанроқ юрарди. Ташқи кўринишидан шоирга ўхшамасди. Умуман, биз, шоирларнинг ташқи кўринишимиз дафъатан кўрган одамни алдайди. Бу ҳақда буюк юморист Михаил Светлов ажойиб бир гап айтган:
— Шу вақтгача мен ўзимни ягона «гўзал» шоир деб билар эдим. Ваҳоланки, ўзбек шоири Шукрулло бу борада мендан ҳам ўтиб тушар экан.
Эгам Раҳим баҳоли қудрат ижод қилар эди-ю, ҳеч вақт, ҳеч қаерда шоирлигини пеш қилмас, бирор асарини жанжаллашиб нашр эттирмас эди. У киши билан бир неча марта фақат салом-алигимиз бўлган, холос. Лекин уни яқинроқ таниб, тушунган вақтим ҳеч эсимдан чиқмайди. Бу — 1958 йил куз пайти, пахта терими бошланган вақт эди. Мамарасул Бобоев иккимиз Хоразмга сафар қилдик.
Урганчга бориб тушганимиздан кейин жуда кўп жойларда шеърхонлар даврасида мушоира қилдик, анча-мунча гўшаларда, хусусан Эгам Раҳимнинг қутлуғ хонадонида меҳмон бўлдик. Хоразмнинг катта шоири, ўша вақт­-да вилоят газетасининг муҳаррири бўлиб турган Эгам Раҳим ҳамда Ўзбекистон Ўзувчилар союзи Хоразм вилоят бўлимининг раҳбари Раҳим Бекниёз бизни шаҳарга яқинроқ жойдаги бир жамоага олиб боришди. Кол- хоз ҳудудидаги йўллар асфальт қилинмаган, тупроғи бил­қиллаб ётар, машиналар булутдай чанг ичида юрар эди-ю, лекин далаларнинг ўзгача гашти, файз-таровати бор эди.
Колхознинг дала шийпони ҳам бизга ниҳоятда файз­ли кўринди: қирғоқларига экилган ёш-ёш толларнинг новдалари сокин ҳовузга эгилган, сувда акси жилваланарди. Жимитгина ирмоқнинг майин шилдираши, ҳовуз бўйидаги гулзор, гулзорнинг нари ёғидаги ишкомлар, бир томондаги бепоён пахтазор дала шийпонига алоҳида файз бериб турибди-ю, бироқ, бошига шерозий қоракўлдан телпак, оёғига этик кийиб, костюм ичидаги тўқ бинафша рангли кўйлаги устидан энлик камар тақиб олган йўғон гавдали раис ҳовуз бўйида қаққайиб, мана шу бор ҳусну тароватни бузиб тургандай эди. Қовоғидан қор ёғиб турган бу ўрта ёшли одам бизни жуда совуқ қарши олди. У биз билан сўрашди-ю, Эгам Раҳим иккиси қаёққадир ғойиб бўлишди. Руҳимиз тушиб кетди. Мамарасул ака оғзини қулоғимга яқинроқ тутиб, паст овозда:
— Азизим, дунёга бевақт келибмиз, — деди.
— Ҳа, шунақага ўхшайди, — дедим мен ҳам.
Ҳовуз бўйидаги сўрига жойлашдик. Қора чопонлик хипчагина одам тугунчага ўхшатиб ўралган дастурхон, катта чойнакда чой, бир неча пиёла келтириб, ўртамизга қўйиб кетди. Раҳим Бекниёз дастурхонни очиб ёйди. Ундаги ёйиқ-ёйиқ юпқа нонлардан биттасини синдирди. Чой қуйиб бизларга узатди.
— Чамамда, раиснинг ҳолатига тушунмадингиз, Азизжон, — деди Раҳим оға.
— Йўқ, тушундим, — дедим мен. — Ҳали Урганчдаёқ бизга айтишган эди, бу ерда терим суръати паст эмиш. Раис шундан хафа бўлса керак.
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Лекин раиснинг бўлгани шу. Гапни, мулозаматни яхши билмайди.
Ҳақиқатан ҳам бироздан кейин бунга ишонч ҳосил қилдик. Даладан теримчи қиз-жувонлар келишди. Дала шийпони ёнидаги иморатнинг узун, лекин ҳеч қандай пардозсиз, безаксиз залида қисқа муддатли мажлис бўлиб ўтди. Раис икки оғиз гапирди, холос. Унинг атиги тўрт-беш дақиқалик оҳиста, босиқлик билан берган панд-насиҳати худди илтимосдай юмшоқ, майин эди.
Кейин қувонарли, кўнгилдагидай шеърхонлик бошланди.
Залдан чиққанимизда раис аввалгига ўхшамай, жонланиброқ қолган эди.
— Қани, мошинга чиқинглар, энди ётоққа борамиз,— деди у.
Тўхтаган жойимиз Эгам аканинг яқин бир қариндошига қарашли хонадон бўлиб, Хоразм услубида қурилган шифтлари баланд янги участка экан. Уй ўртасидаги, устида одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса муҳайё бўлган маҳобатли столни кўриб, Мамарасул ака менга секингина:
— Азизим, дунёга вақтида келибмиз, — деб қўйди.
Алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик. Ўша оқшом Эгам Раҳим биз учун ихтиро бўлди. Бутун суҳбат давомида бир дам тўхтамай тор чалиб, чунонам ашула қилдики, доимо индамай юрадиган, ўн саволдан бирига аранг жавоб берадиган бу камгап одамнинг бунчалик санъаткорлигига қойил қолиб, ёқамизни ушладик.
Узоқ вақт хотирамизда қоладиган оқшом бўлди бу. Биз ўша оқшомни жуда кўп марта эсладик. Қачонки Хоразм ҳақида гап кетса, хаёлимга дарров ўша оқшом, ўша санъаткор Эгам Раҳим келади. Унинг шоирлиги ҳақидаги гапларни танқидчилар ёзақолсинлар.

Азиз АБДУРАЗЗОҚ,

шоир.

 

НОН ВА ТУЗ

Чеҳраларда табассум, юрак тепади хандон,
Таъзим билан чайқалар қўллардаги гулдаста.
Қизлар салом беришиб, тутадилар туз ва нон,
Бизни олқишлагандай куйлар шалола пастда.

Бир лаҳзалик маросим умрга мундарижа,
Баркашда нон, таъмидан кўнгиллар хуш тортади.
Илиқ, самимий сўзлар дилга чизилган режа,
Дўстлар кўришса дилдан севинч, қувонч ортади.

Қўш орденли бу диёр ҳаёт гулдастасини
Қўлга мангу ушлатиб, мафтун этар ўзига.
Инсон бундай дамларни — умрнинг гул фаслини
Ҳамишалик улуғлаб жо қилади кўзига.

Чўққиларда туғилган ирмоқлар дарё бўлиб,
Қақраб ётган чўлларга баҳор олиб келгандек.
Саодат нашъасидан қалблар илҳомга тўлиб,
Меҳримиз совға дея гуллар териб бергандек.

Шаҳардами, адирда, қишлоқдами — шу хушҳол,
Йўл-изда давра қуриб тутилади туз ва нон.
Инсонлик фазилати кўрсатиб ҳусну жамол,
Пешвоз чиқиб келишар қўлда ёйиб дастурхон.

Қардошлик ришталари юракка из солади,
Ва қилади мангуга дилни дилларга пайванд.
Яхши сўз, яхши одат — инсондан шу қолади,
Одамизод ҳамиша яхшиликдан баҳраманд.

ҳамма шеърларни кўчириб олиш
Copyright Эгам Раҳим
Created by "ARSENAL D"