About Books Fotoalbum Feed back Aduo files
ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

ЎНИҚ ҚАЛБ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

ЎНИҚ ҚАЛБ

Шоир, муҳаррир ва устоз журналист раҳматлик

Эгам Раҳимнинг ҳаёт дарёсидан икки томчи

1. ФАЙЗЛИ РАҚОБАТ


Муҳарририятда эндигина иш бошлаган, қўлим анча пишиб қолган чоғлар эди. Иш вақти тугашига саноқли дақиқалар қолаяпти. Телефон жиринглади.
— Эшитаман.
— Ҳорманг, ука. — Дарҳол танидим, бу Эгам аканинг овози эди. — Мен бирор соатга бораман. Сиз мени кутинг, кетмай туринг, хўпми?!
Мен дарров ҳис қилдим: демак, муҳим ва шошилинч топшириқ олсам керак. Чунки, муҳарриримизнинг қизиқ хислати бор эди. Йиғинда бирон тажриба маъқулланса, аксинча бирон корхона ёки хўжалик танқид қилинса шу жойдан ҳозиржавоб материаллар ёритишни биринчи режадаги иш қилиб қўярди.
— Ука, бу шанба ва якшанба ҳам дам ола олмайдиган бўлдингиз. Ҳафта давомида албатта, бир кун сизга дам олишга рухсат қиламиз. Бугун йиғинда Хонқа районидаги Охунбобоев номли хўжаликнинг турмуш маданиятини оширишга раҳбарлиги маъқулланди. Шу жойдан бир саҳифа материал беришимиз керак. Эртага эрталаб суратчи билан хўжаликка боринглар. Ҳафтанинг биринчи иш куни саҳифага тушади.
Эгам ака менга саҳифанинг мундарижасини ҳам илова этди. Нималарга эътибор беришимни, ҳатто яхши тил билан ўқимишли ёзишимни, битта лавҳа ўзимники бўлишини ҳам эслатиб қўйди. Мен ҳамма нарсани чуқур кенг ўрганиб, биринчи кунга тўла тайёр этиб келдим. У эрталабки беш минутлик олдидан хонамга кириб ҳаммасини сўраб билди, қиёфасида мамнунлик сезилди.
Ҳафтанинг сешанба куни «Хоразм ҳақиқати»да чиройли саҳифа чиқди. У летучкада тез, сифатли тайёрланган яхши саҳифа деб қайд қилинди ва мақтов тахтасига илинди. Муҳаррир охирги сўзида мени мақтаб «дам олиш кунлари ишлаб шахсий ташаббус кўрсатди, журналист ана шундай фаолият эгаси бўлиб ҳамиша олдинда юриши, ибрат бўлиши ва воқеалар билан тенгма-тенг одимлаши керак» деди.

 

2. УЗАТИЛГАН РАҲМАТ

Беҳаловат кунларнинг бирида Эгам ака мени ўз ҳузурига чақирди:
— Ука, бизларни бир қийин аҳволдан қутқазмасангиз бўлмайди. Айёмий (адабиётшунос Юнус Юсупов)нинг қўлимдаги бу материали сизнинг бўлимингизга тааллуқли бўлмаса ҳам уни сизларга ўтказаман. «Бир сўзини ҳам қисқартирмасдан берасиз» деб ҳоли-жонимга қўймади у. Илтимос, шуни эллик фоиз қисқартирингу бирон фикрини тушириб қолдирманг. Бўлмаса, бошим ғалвадан чиқмайди.
Мен аввало довдираб қолдим. Ахир Айёмий домланинг мақоласини маъносига зарар етказмай қисқартириш ҳазилакам иш эмас. Вазифа топширилгандан кейин уни бажармай иложим йўқ эди.
Мақола машинкада босилган, ўн етти варақдан иборат эди. У Хоразм Олий судининг биринчи раиси Жуманиёз Эшмуҳаммадовнинг Хива хони девони ва хазиначиси бўлган, ҳукумат таркибида республиканинг савдо-саноат нозири ва банк мудири вазифасини бажарган, хоин ва сотқин деб айб қўйилган Мадраҳим Нуруллаев ҳамда унинг 17 нафар шериги устидан ўтказган судлов тафсилоти ҳақида эди. Бу жиноятнинг ғоят мураккаб характери, судлов жараёни кенг очиб берилган эди. Айни чоқда мақолада архаик (истеъмолдан чиққан) сўзлар, бир-бирини тўлдирувчи уюшиқ бўлаклар, узундан-узоқ жумлалар ҳаддан зиёд кўп экан. Адабий-бадиий тилда ғоят қизиқарли ёзилгани, тарихимизнинг ёлқинли бир бўлаги усталик билан очиб берилгани учун ҳам мен мақолани катта масъулият, чуқур қизиқиш ва меҳру ихлос билан кўриб чиқдим. Ҳа, унинг сарлавҳаси «Бир суд тарихи» эди.
Мен шу куни кун бўйи ва уйда кечқурун алламаҳалгача мақолани таҳрир қилдим. Биронта жумлани биронта саҳифани буткул чизиб юборганим йўқ. Ўн-ўн беш, ҳатто, йигирма сўздан иборат жумлаларни беш-етти, уч-тўрт сўзлик ҳолига келтирдим. Дарвоқе, мақолани бош­қача қисқартириш йўли йўқ эди. Негаки, ундан биронта фикр олиб ташланса, уни навбатдаги жумлага боғлаш амримаҳол иш.
Мўлжалим тўғри чиқди. Машинкада у саккиз ярим варақлик кўринишга келди. Уни муҳаррир ўринбосари Отамурод ака Авазмуродов теришга рухсат қилди. Мақола учинчи саҳифада босилиб чиқди.
Муҳаррир тағин ҳузурига чақирди.
— Ука, «Биринчи марта мақолани бузмай, қисқартирмай чиқарибсизлар, раҳмат!» деб Айёмий телефон қилди. Мен шу раҳматни сизга узатмоқчи эдим.

Арслон ОТАЖОНОВ.

 

ҚУДРАТЛИ ЮРИШ

Элнинг ҳали ёстиқда боши,
Темир қозиқ ёнар — кўчган йўқ.
Илҳом бўлди шоир йўлдоши —
Кеча ёнган чироқ ўчган йўқ,
Ҳозирлигин қилиб саришта,
Елканларни кўтарар карвон.
Зўр жадал бор ҳар қўл, ҳар ишда,
Уфқларда нур алвон-алвон.
Тўлқин тикка уриб қирғоққа,
Сўнг дарёга олар ўзини.
Шуъла тўшаб яқин-йироққа.
Қуёш очди водий юзини.
Япроқларда товланди шабнам,
Қумлоқларга юрди тилла ранг.
Қандай гўзал бу тонг — субҳидам
Жаранглайди ашула — оҳанг.

Қудрат билан қўзғалди карвон,
Елкан юрди елкан изидан.
Қаҳрамонлар бўларкан қурбон,
Олға даъват этган изидан.
Кемаларга тўлқин парвона,
Карвон унинг жони-танидай.
Қўзичоғин аллалаб она,
Бешигини тебратганидай.
Тўлқинларга карвон уриб бош,
Орол томон жадал йўл олди.
Уни энди балқиган қуёш
Нурга чўлғаб кузатиб қолди.

ҳамма шеърларни кўчириб олиш
Copyright Эгам Раҳим
Created by "ARSENAL D"