About Books Fotoalbum Feed back Aduo files
ЭГАМ РАҲИМНИ ЭСЛАБ...

УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУГ

ШОИР НАЗМИДА ВАТАН МАДҲИ

ЎНИҚ ҚАЛБ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

ШЕЪРИЯТ БОГИДА БИР ГУЖУМ

ОТАМИЗ ҲАҚИДА

Мазкур «Жайҳун нидоси» деб номланган сайланма асарлар тўплами гужумлар ўлкаси сифатида дунёга дон­ғи кетган гўзал Хоразм диёрининг оташин куйчиси, шоир, драматург, журналист, ўз даврининг етук жамоат арбоби Эгам Раҳим таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб чоп этилди.
Падари бузрукворимиз атиги 59 йил умр кўриб, ижодининг айни авж палласида вафот этган бўлса-да, ўзидан кейинги авлодларга, мухлисларию шеърият ихлосмандларига салмоқли адабий мерос қолдирди. Ушбу мерос намуналаридан Сиз азиз китобхонлар ҳам баҳраманд бўлинг, деган умидда хайрли ишга қўл урдик.
Бутун умри давомида меҳнат фаолиятини «Хоразм ҳақиқати» газетаси таҳририятида ўтказган отамиз қарийб чорак аср давомида ушбу жамоага раҳбарлик қилди. У ниҳоятда содда, камтарин, меҳрибон, оилапарвар, меҳнатсевар, оддий инсон эди. Биз фарзандлари — тўрт оға-ини учун у зот чинакамига ибрат намунаси эди. Отамиз билан 33 йил умргузаронлик қилган, ҳаёт ташвишларию шодликларини бирга баҳам кўриб, унинг ҳаммаслагию дардкашига айланган, оиламиз устуни бўлган онаизо­римиз— Гавҳаржон Фатхуллаева билан кечирган ҳаёти, улар орасидаги тотувлик, ҳамжиҳатлик, самимият, ўзаро муҳаббат каби муносабатлар биз — зурриёдлар хотирасида абадий муҳрланган.
Урганч шаҳри қоқ марказининг Улуғбек кўчасида ота-онамиз ўз қўли билан қуриб, аҳил яшаган, орзу-ҳавасли тўю тантаналар, маросиму йиғинлар ўтказиб, яхши-ёмон кунларига гувоҳ бўлган бир гўша бор. Бу даргоҳга кираверишдаги мармар лавҳада отамизнинг номи абадийлаштирилган ёзувга назаримиз тушиши билан беихтиёр кўз олдимизда, азиз ота-онамизнинг нурли сиймолари гавдаланаверади, болаликдаги ўчмас хотиралар қалқиб чиқаверади.
... Бу уйда оиламиз аъзолари дастурхон атрофидагина жамул-жам бўлишарди. Отамиз ишдан уйга қайтган пайтларида аллақандай ҳорғин,паришонхотир бўлар эди. Бироз дам олгач, ишхонадаги навбатчига қўнғироқ қилиб, эртага чиқаётган газетанинг биринчи саҳифасидаги қайсидир мақоланинг остидаги фотосурат қандай жойлаштирилгани ёки қайси бир мақоланинг ўрнига ундан-да, долзарброқ хабарга алмаштиришни талаб қилганларини эслаймиз.
У оила даврасида узоқ гаплашиб ўтира олмас, хаёлига келган фикр ва мисраларни дарров қоғозга тушириш учун ёзув хонасига кириб кетар, овқати совуб қолар, ҳатто, алламаҳалгача, баъзан тонг саҳарда ҳам уни иш устида кўрар эдик.
Дам олиш кунлари гулчилик билан бир оз машғул бўлар, сўнгра яна кутубхонага кириб кетар эдилар. Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Алишер­ Навоий, Мунис, Огаҳий, Аваз Ўтар ғазалларидан мисоллар келтириб, «қиссадан ҳисса» чиқаришимизни насиҳат қилардилар.
«Ҳали бир кунмас-бир кун ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган «олтин сандиқ»ларнинг қопқоғи очилади, афсуски, биз арабий-форсий ёзувни билмаймиз», — дея қайғурар эдилар. Баъзан эски ёзувни биладиган қария­ларни уйга чақириб келиб, «Юсуф ва Зулайҳо», «Рустамхон», «Мезон ул авзон» деган китобларни тинглаб ўтирганларини гувоҳи бўлганмиз.
Бу уйда хоразмлик ижодкорлар, ўша даврнинг зукколари, олиму фузалолар, азим пойтахтдан ташриф буюрган машҳур шоиру мунаққидлар, ҳамкасбу шогирдлар, тез-тез йиғилишарди. Унда шеърият, адабиётга бағишланган сермазмун суҳбату йиғинлар, ширали гурунглар ўтарди, баҳсу мунозаралар қизирди. ўафур ўулом, Комил Яшин, Уйғун, Ҳамид ўулом, Шук­рулло, Миртемир, Иброҳим Раҳим, Раҳмат Файзий, Абдулла Орипов, Омон Матжон каби элда шуҳрат топган фузалолар хонадонимиз меҳмони сифатида давраларга файз киритишарди. Ниҳоятда заковатли, оқила, пазанда, чаққон, ҳар ишга чевар онажонимиз меҳмон кутиб чарчамасди.
Отамиз ҳар бир юмушга ниҳоятда масъулият билан ёндашувчи, қатъиятли, мақсадга интилувчан, чидамли инсон эди. Биз фарзандларини ҳам ўзи каби ҳалол, покиза яшашга, бошлаган ишни чуқур ўйлаб, атрофлича мулоҳаза юритиб, ниҳоясига етказишга ундар эди. Ота-онамиз бизни болаликданоқ яхши ўқишимизга эътибор беришган. Ҳар биримизнинг касб танлашимизга, умримизни мазмунли ташкил этишда маслаҳатгўй бўлишган. Отамиз газета таҳририятида хизмат қилгани боис, ўша даврда матбаачилик соҳасида қатор муаммолар мавжудлиги, билимдон ва етук мутахассислар етишмаслигини ҳисобга олиб, матбаачилик касбига ҳавас уйғотишга уринди, жўяли маслаҳатлар берди.
Падари бузрукворимиз ўз даврида она-Ватани учун сидқидилдан меҳнат қилди. Собиқ шўро мафкураси ҳукм­рон бўлган ниҳоятда таҳликали даврда яшаб ижод этди. Хоразм вилоятининг етакчи матбуот нашри жамоасига бошчилик қилиш ғоят катта жавобгарликни талаб этарди. У даврларда арзимаган бирон бир имловий хато туфайли инсон тақдири фожиавий тарзда ўзгариб кетиши ҳам мумкин бир замон бўлгани боис, газетада чиқаётган ҳар бир материлани синчиклаб текшириш, деярли ҳар сонига бош мақола тайёрлаш учун оқшомлари уйқудан кечиб тинимсиз ишлаш, яна шу оғир меҳнат жараёни давомида бадиий ижод билан шуғулланишга тўғри келарди. Бу эса унинг соғлиги ёмонлашувига сабаб бўлди.
Отамиз оиласи, фарзандлари даврасида дам олишга вақт топиши қийин бўлса-да, биз унинг қайноқ меҳри- муҳаббати тафтини ҳамиша сезиб, бахтиёр яшаганимиз. 1974 йилда кенжа укамиз Баҳрамжоннинг навқирон ёшда бевақт ҳалокати отамиз қаддини дол этиб, оиламизни изтиробда қолдирди. Хафақон касаллиги билан хасталанган отамиз фарзанд доғи аламини яна меҳнатдан олди, қаттиқ ишлади. Афсуски, отамизнинг бошлаб қўйган йирик асарлари, режалаштирган ижодий ишлари ниҳоясига етмай қолди. Шафқатсиз ўлим уни 1977 йилнинг эрта баҳорида бағримиздан юлиб олиб кетди. Аммо, унинг ёрқин хотираси фарзандлари, қавму қариндош, ёру биродарлари, шогирдларию мухлислари қалбида абадий қолди. Унинг ижодий маҳсули бўлмиш жўшқин асарлари ҳали кўплаб шинавандаларга завқу шавқ улашажак. Ўз Ватани, халқини жону дилдан суйган шоир Эгам Раҳим тараннум этган энг сара ижод намуналаридан таркиб топган мазкур сайланма, Сиз азиз мухлисларга туҳфа этилишидан мақсад ҳам отамиз хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатмоқликдан иборат. XX асрнинг энг қи­йин, ташвишли, оғир уруш йилларидан сўнгги даврда яшаб ижод этган отамизга мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг бугунги ёрқин кунларини кўриш насиб этмади. Бироқ унутилмас асарлари халқимиз хотирасида ҳали узоқ сақланиши, она-юрт муҳаббатига йўғрилган самимий шеърияти бир неча авлодлар силсиласини тарбия­лашга ҳисса қўшажагига ҳеч шубҳа йўқ.

 

Комилжон РАҲИМОВ,

Одилжон РАҲИМОВ,

Фозилжон РАҲИМОВ,

шоирнинг фарзандлари.

 

ОЗОДЛИК ЯШАЙДИ

Бугун оилада унутилмас кун,
Ҳарким ўрнин олар стол ёнидан.
Иссиқ ширмойи нон ҳиди бурқсийди,
Элнинг неъмат тўла дастурхонидан.

Шодлик таронаси авжи пардада,
Боиси — озодмиз, ҳурмиз, бахтиёр.
Адолат яшайди қуёшдек омон,
Тарих ҳукми шундай, бу қатъий қарор.

Кеча ким эдигу ким бўлдик бугун,
Эртамиз ўхшамас бугунга ҳечам.
Ният шу — зулматда инграётганлар
Азиз бошидан ҳам кўтарилса ғам.

Байрам қиламизу хотирамизни,
Хаёл узоқларга олиб кетади.
Дарҳақиқат шундай — тўй-маросимда,
Дўстларни эсламоқ инсон одати.

Улар узоқларда, — келолмайдилар,
Ҳар лаҳза қимматли, олтиндай афзал.
Юз минг йилликларнинг муаммосини
Улар кураш билан қилмоқдалар ҳал.

Бу улуғ курашда жаҳонгир ўзбек,
Мадад қўлин чўзар аҳли инсонга.
Миллион-миллион дўстлар бахтни қўмсайди,
Дейдилар озодлик, тинчлик жаҳонга!

ҳамма шеърларни кўчириб олиш
Copyright Эгам Раҳим
Created by "ARSENAL D"